
Бугун Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида Комплаенс кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилди.
Комплаенс кенгаши – молиявий тизимда хавфларни бартараф этиш, назорат тизимини мустаҳкамлаш, хавфларни аниқлаш ва ташкилотларнинг ички назорат тизимини кучайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келувчи назорат механизмларини жорий этишга қаратилган экспертларнинг майдони ҳисобланади.
Тадбирда Департамент, Марказий банк, Адлия вазирлиги, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Рақамлаштириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Рақобат қўмитаси, тижорат банклари ва бошқа хусусий ташкилотлардан жами 100 нафар масъул ходимлар иштирок этдилар.
Кун тартибига киритилган соҳага доир долзарб масалалар юзасидан маъруза тадбир иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида ташкилотларнинг масъул ходимлари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ижобий иш тажрибалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, тадбирда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳига аъзо давлатларнинг комплаенс хизматлари ўртасида ўтказилаётган халқаро танловда иштирок этиш истагини билдирган тижорат банклари тақдимотлар билан иштирок этишди.Тадбир якунида Комплаенс кенгашнинг жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
















