
Бугунги кунда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича техник қўмита ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда соҳага тегишли Давлатлараро стандартларни амалиётга татбиқ қилиш ҳамда ушбу стандартлар асосида миллий стандарт ишлаб чиқиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциянинг стандартлаштириш бўйича техник қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.02.2026 йилдаги ПФ-25-сон “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, техник регламентларни халқаро талаб ва стандартларга асосланган ҳолда қабул қилиш, бозор назорати тамойилларини жорий қилиш, шунингдек, соҳада рақобат муҳитини шакллантириш учун шарт-шароит яратиш каби вазифалар ижросига қаратилди.
Тадбирда техник қўмита аъзоларига Ўзбекистон Республикасининг 03.11.2022 йилдаги 800-сонли “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ миллий стандартларни ишлаб чиқишнинг бошланиши ва якунланиши тўғрисидаги ахборот, шунингдек миллий стандартлар лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича миллий органнинг расмий веб-сайтига ва электрон порталига жойлаштирилишига келишиб олинди.
Шунингдек, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди ҳамда алкоголь маҳсулотлари учун халқаро талабларга мос равишда миллий стандарт лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича муҳокама қилиниб, мутахассисларга тегишли кўрсатмалар берилди.
















