
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш, соҳада яширин иқтисодиётни олдини олиш борасида тарғибот тадбирлари ҳамда сайёр учрашувлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Инспекция томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўтказилган онлайн йиғилишда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.12.2025 йилдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-246-сон Фармони мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган талабларни амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлаш масалаларига қаратилди.
Хусусан, ушбу Фармон билан 2026 йил 1 апрелдан бошлаб бир қатор товар ва хизматлар, хусусан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали нақдсиз тарзда амалга оширилиши белгиланди. Тўловларни қабул қилишга ягона QR-кодли тизим ишга туширилади.
Шунингдек, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда кузатиб бўлмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 баробарга қисқартириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолининг нақд пулсиз тўловларини 75 фоизга, расмий банд бўлганлар улушини эса 64 фоизга етказиш режалаштирилган.
Онлайн давра суҳбатида тадбиркорлик субъектлари мазкур Фармонда белгиланган талаблар ижроси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар жавоблар олишди.
Шунингдек, асосий мақсад - иқтисодий эркинлик ва коррупцияни қабул қилиш бўйича халқаро рейтингларда камида 30 поғонага кўтарилиш ҳамда қатъий воситалар танланган – мажбурий нақд пулсиз ҳисоб-китоблар, ягона QR-код орқали назорат ва солиқ маъмуриятчилигини кучайтириш эканлиги таъкидланди.
















