
Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келган шахслар фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фориш тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “J.B.” МЧЖ масъул шахслари савдо дўконида умумий баҳоси 121,3 млн сўмлик хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган 60 турдаги 3 064 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини савдога қўйганликлари аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Узун тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида “Дарбанд” МФЙ ҳудудидаги “Дарбанд” ЙПХ масканида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро У.С.нинг бошқарувидаги “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, автотранспорт воситаси юк хонасида умумий баҳоси 64 млн сўмлик 2 084 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини ўтказиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
















