
Самарқанд ва Бухоро вилоятларида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ургут тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “F.” МЧЖ раҳбари Ф.А. “Почвон” ва “Дўстлик” МФЙ ҳудудларидаги савдо дўконларида умумий баҳоси 64,8 млн сўмлик тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва қалбаки акциз маркали 1 234 дона алкоголь ва 670 қути тамаки маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Когон шаҳри бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Ф.З.” хусусий корхонаси масъул шахслари "Тошмасжид" МФЙ ҳудудидаги савдо дўконида умумий баҳоси 22,8 млн сўмлик 22 турдаги 259 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
















