
Қибрай туманида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Д.А. 1 860 дона “PRO LIPOLYTIC” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқарога 1 000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, фуқаро А.А.нинг (муқаддам ЖКнинг 246-моддаси билан судланган) “Маърифат” МФЙ ҳудудидаги хонадони кўздан кечирилганда, 540 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
















